loader
Foto

«Барселона»нинг энг даҳшатли 5 мағлубияти, тарихда қолган варвараклар

«Атлетик» - «Барселона» - 12:1

«Барселона» тарихидаги энг йирик мағлубият 1931 йил 8 февралда содир бўлган. Ўшанда каталонияликлар чемпионат пешқадамларидан бири – Бильбаонинг «Атлетик»ига сафар ўйинига боришган эди.

Бундан бир йил олдин «Барселона» мамлакат чемпионатида ғолиб чиққан, 1929/30 йилги мавсумда эса иккинчи ўринни эгаллаган эди. Шундай экан, жамоада ҳеч қандай инқироз ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Шунчаки, «Барселона» тарихдаги энг кучли «Атлетик»ка дуч келди.

Чемпионат якунида «Атлетик» биринчи бўлди, фақатгина урилган ва ўтказиб юборилган голлар фарқи бўйича шунча очко тўплаган «Расинг» ва «Реал Сосьедад»ни ортда қолдирди. «Барса» эса чемпиондан атиги бир очко ортда қолиб, тўртинчи ўринни эгаллади.

Бу ўйин «Атлетик» учун ҳам рекордли бўлди – клуб тарихидаги энг йирик ғалаба – 12:1. Яна бир рекордни ҳужумчи Августин Бата ўрнатди, у каталонияликлар дарвозасига еттита гол урди.



«Реал» - «Барселона» - 11:1

«Барселона» ўзининг энг шармандали мағлубиятларидан иккинчисини 1943 йил 13 июлда Генералиссимус кубоги ярим финалида қабул қилиб олди. Ҳозир бу мусобақа Испания кубоги ёки Копа дель Рей деб аталади.

Мағлубият шу билан ҳам шармандалироқ туюладики, уни каталонияликларга уларнинг ашаддий рақиби – Мадриднинг «Реал»и етказган. Сафардаги биринчи ўйинда «қироллик клуби» 0:3 ҳисобида мағлуб бўлган бўлса, жавоб ўйинида бунинг ўрнини тўлиқ қоплади.

Тўғри, ўйин у қадар бир томонлама бўлмаган. Аммо бу ғалабадан бўлган фахрни «Барса» мухлислари томонидан айтиладиган кўплаб афсоналар хиралаштиради. Ўйин диктатор Франко ҳукмронлиги даврида бўлиб ўтган, у эркинликни севувчи Каталонияни, юмшоқ қилиб айтганда, ёқтирмас эди.

Мадридликлар томонидан эса ҳар бир мифга ўз раддияси бор. Натижада Франко унчалик ҳам кучли бўлмаганлиги маълум бўлади, чунки финалда унинг севимли «Реал»и Бильбаонинг «Атлетик»ига 0:1 ҳисобида ютқазган.



«Барселона» - «Милан» - 0:4

Ички Испания можароларидан халқаро даражага чиқамиз. «Барселона» мухлислари 1994 йил 19 майда Италиянинг «Милан» клуби томонидан уларга етказилган 0:4 ҳисобидаги мағлубиятни ҳеч қачон унутмайдилар. Нима учун 0:4 ҳисобидаги мағлубиятни шармандали деб атаймиз? Гап шундаки, бу оддий ўйин эмас, балки жамоа тарихидаги энг муҳим ўйинлардан бири – Чемпионлар Лигаси финали эди.

Ўшанда Йохан Кройф бошчилигидаги орзулар жамоаси мағлуб бўлмасдек туюлар эди. Испанияда ҳам, Европада ҳам ҳамма каталонияликлар олдида тиз чўкар эди. Майдонда Ромарио, Христо Стоичков, Хосеп Гвардиола, Роберт Куман, Андони Субисаррета каби юлдузлар порлар эди.

Ва бу орзулар жамоаси бизнинг яхши танишимиз – Фабио Капелло бошчилигидаги «Милан»га дуч келди. Қолаверса, «Милан» ўз ҳимоясининг етакчилари – Франко Барези ва Алессандро Костакуртасиз ўйнади. Мавсум давомида жамоани Брайан Лаудруп ва Жан-Пьер Папен тарк этган эди.

Аммо ҳатто заифлашган таркибда ҳам «Милан» қатъий интизом ва яхши тактик тайёргарлик туфайли танаффусгача 2:0 ҳисобида олдинда борди. «Барса» иккинчи бўлимда тезда ҳисобни тенглаштиришга уринди, аммо Капелло шогирдлари бунга тайёр эдилар – тезкор қарши ҳужум ва ҳисоб йирик кўриниш олди. 58-дақиқада Марсель Десайи нуқта қўйди – 4:0.



«Барселона» - Киевнинг «Динамо»си - 0:7

Бундай йирик ҳисобга ажабланманг – бу 1997/98 йилги Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидаги икки ўйин натижасидир.

1994 йилдан бошлаб Каталония клубида ҳамма нарса ўзгарди. Бош мураббий лавозимида бир голландиялик бошқасига – Луи ван Галга ўрин бўшатди. Майдонда бир бразилияликнинг ўрнини бошқаси – Ривалдо эгаллади. Унга Луиш Фигу ва Луис Энрике ёрдам берар эди. Аммо ҳатто шундай таркибда ҳам «Барса» Валерий Лобановский бошчилигидаги Киевнинг «Динамо»сига қарши тура олмади.

Гуруҳ босқичида ажойиботлар содир бўлди. Гуруҳ фаворити бўлган каталонияликлар ПСВ, «Ньюкасл» ва киевликлар билан ўйнаб, якунда охирги ўринни эгалладилар. Бунга «Динамо» сабабчи эди.

Фақат ўйламангки, «Барселона» таркибидаги «Олтин тўплар»га Киевнинг жавоб берадиган ҳеч нарсаси йўқ эди. Украинада келажакдаги сайёранинг энг яхши футболчиси – Андрей Шевченко ўсиб келаётган эди, у Сергей Ребров билан биргаликда испанияликларни тор-мор қилди ва сафардаги иккинчи ўйинда учта гол урди.

Ҳа, ўшанда киевликлар кучли эдилар. Аммо буни фақат биз билар эдик, чунки бундан бир йил олдин Лобановский жамоаси саралаш босқичида Венанинг «Рапид»ига икки ўйин натижасига кўра 2:6 ҳисобида ютқазиб, турнирни тарк этган эди.



«Барселона» - «Бавария» - 0:7

2012/13 йилги мавсум «Барселона» учун ўтиш даври бўлди – ёзда жамоани мураббий Хосеп Гвардиола тарк этди. Албатта, янги жамоа қуришга ҳожат йўқ эди, аммо унинг ўрнини эгаллаган Тито Виланова даврида нимадир ўзгарди.

«Барса»нинг захира ўйинчилари кучсиз рақибларни мағлуб этишга ҳали ҳам етарли эди, аммо «Бавария» каби кучли рақибларга қарши куч етмас эди. Қолаверса, «Бавария» Чемпионлар Лигаси ярим финалига сўнгги ўн йилликлардаги энг яхши формасида келди. Жамоадан ҳали Швайнштайгер кетмаган, Рибери энг гуллаган даврида эди ва Мюллер аллақачон ҳақиқий юлдузга айланган эди.

Биринчи ўйинда 4:0 ва сафарда 3:0. Бир йил олдин ҳаммани мағлуб этган «Барселона» учун бу ҳақиқий шармандалик эди. Ўшанда мухлислар бир неча йилга чўзилган охирнинг бошланиши ҳақида гапира бошладилар.



Абу Муслим тайёрлади