Туркияда "сулаймончилар" сектасига қарши амалиёт ўтказилди. 15 май куни жамоанинг тўрт нафар асосий аъзоси, жумладан, суд тизимининг юқори мартабали вакили қўлга олинди.
Хабар қилинишича, амалиёт Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 14 май куни Адолат ва тараққиёт партияси парламент фракцияси йиғилишидаги нутқидан сўнг бошланган. Унда Туркия президенти "хорижий разведка хизматлари билан ҳамкорлик қилаётган қоронғи ташкилот" ҳақида гапириб, унинг таъсири муниципалитетлар, ишбилармон доиралар, бюрократия ва диний секталаргача ёйилганини айтган.
Мутахассисларнинг фикрича, Эрдўған "диний секта" деганда айнан сулаймончиларни назарда тутган.
Эрдўғаннинг сўнгги нутқидан кейин ҳаммаси бошланди
Сулаймончилар кимлар?
Мутахассисларнинг фикрича, сулаймончилар "нақшбандия тариқати"нинг, аниқроғи унинг "мужаддидия" шохобчасининг бир тармоғидир. Уларнинг фаолияти 1920 йилда Сулаймон Ҳилми Тунахон томонидан асос солинган Қуръон курсларининг очилишидан бошланган. 1950 йилдан бошлаб бу жамоа "сулаймончилар" деб атала бошлади. 1990-йилларда уларнинг сони баъзи ҳисоб-китобларга кўра икки миллионга етган. Сектанинг барча қитъалардаги турли мамлакатларда кўплаб Қуръон курслари, ётоқхоналар, фондлар ва компаниялари мавжуд. Жамоа аъзолари ўзларини "Сулаймон издошлари" ёки "Сулаймон шогирдлари" деб атайдилар.
2019 йилда эълон қилинган ҳисоботга кўра, жамоа аъзолари ўзларини "Нуҳ кемаси" деб ҳисоблайдилар, фақат ўз "кемалари"да бўлганларгина қутқарилади деб ишонадилар ва ўз жамоаларига мансуб бўлмаган имомга иқтидо қилиб намоз ўқишдан бош тортадилар.
Шунингдек, сулаймончилар вақти-вақти билан Туркия сиёсати ва бюрократиясига таъсир ўтказгани маълум. Сўнгги ўн йилликларда улар ўнг ва сўл сиёсий партияларни қўллаб-қувватладилар. Ўша 2019 йилги ҳисоботда "жамоа раҳбарлари сиёсий вазият ва жамоа ичидаги муносабатларга қараб турли партиялардан депутатликка сайланган" дейилади. Улар орасида Миллат партияси, Демократик партия, Адолат партияси, Ватан партияси, Тўғри йўл партияси, Фаровонлик партияси, Адолат ва тараққиёт партияси, шунингдек, Республика халқ партияси ҳам бор.
Кўпгина мутахассисларнинг фикрича, сулаймончилар, бошқа диний секталар каби, интроверт табиатга эга. Бироқ, уларнинг ҳолатида бу жамоанинг ёпиқлиги айниқса кучли ифодаланган. Турк жамиятида сулаймончилар жамоаси кўпинча "ёпиқ қути" деб аталади.
Сулаймон Сўйлу ҳам сектадами?
Шундан сўнг Туркия матбуотида сулаймончиларнинг полиция ва суд органларига кириб олганлиги ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Хусусан, ОАВда Силифке туманининг собиқ прокурори Салмон Эскелернинг сулаймончилар раҳбари Алихон Куриш билан тушган сурати эълон қилинди.
Аввалроқ Истанбул полиция бошқармаси молия бўлимининг собиқ бошлиғи Фурқон Сезер 2016 йилдан кейин полицияга қабул қилинган юқори мартабали ходимларнинг йигирма фоизи ушбу секта издошлари эканлигини иддао қилган эди. Хабарларга кўра, бу Туркиянинг собиқ ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлу ҳам ушбу секта издоши бўлганлиги билан боғлиқ.
Шу билан бирга, Туркия парламентининг собиқ депутати ва Сулаймон Ҳилми Тунахон ҳаракати асосчисининг набираси Фотиҳ Сулаймон Денизолгюн ижтимоий тармоқлардан бирида президент баёнотидан сўнг Алихон Куриш жамоага алоқадор компаниялар, уюшмалар ва фондларнинг келажагини муҳокама қилиш учун яқин кишиларнинг тор гуруҳи - таниқли ишбилармонлар, юристлар ва бюрократлар билан шошилинч йиғилиш ўтказганини ёзган.
Собиқ ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлу ҳам ушбу гуруҳ тарафдорими?
"Президентнинг кечаги баёнотидан сўнг амаким Алихон Куриш шок ҳолатида Истанбулнинг Умрания туманида юқори раҳбарият билан яширин учрашув ўтказди, - деб ёзди, хусусан, собиқ депутат. - Куриш йирик амалиёт тез орада бошланишини кутгани учун жамоага алоқадор барча ишбилармонларга ўз компаниялари, уюшмалари ва фондлари таркибидан чиқишни буюрди".
Денизўлгюннинг фикрича, Куришнинг мақсади сулаймончилар жамоасининг энг ишончли кадрларини давлатдан яширишга интилишдир.
Ҳукуматга яқинлиги билан танилган журналист Фуат Угурнинг сўнгги шарҳларидан бирида "Давлат ФЕТЎ террорчилик ташкилотини йўқ қилди, энди сулаймончилар ҳам йўлнинг охирига етиб келди", деб ёзгани бу борада эътиборга лойиқдир.
Эрдўғаннинг сигналидан сўнг ФЕТЎнинг қочоқ аъзоларидан ҳам баёнотлар кела бошлади. Сулаймончиларга Эмре Услу, Одам Явуз Арслон, Булент Коручу, Левент Кенез, Экрем Туфан Айтав ва Меҳмет Эфе Чаманлар Эрдўғаннинг нутқи айнан шу сектага тегишли эканлигини айтиб, қўллаб-қувватлаш билдирдилар.
Абу Муслим тайёрлади