loader
Foto

Абу Али ибн Сино кофирми?

Файласуф ва табиб эди. Асл исми Ҳасан ибн Абдуллоҳ ибн Сино ар-Раисдир. Ўз замонасида тиб илмида юқори даражаларга эришган эди. Отаси балхлик. Бухорога кўчиб ўтган эди. У ерда илм таҳсил қилди. Қуръонни гўзал ўқиб ўрганди. Қуръонни ёдлаганида ўн ёшда эди. Ҳисоб, жабр муқобала, уқлидус ва мажистий илмларини яхши ўрганди, сўнгра Ҳаким Абу Абдуллоҳ ан-Натолийдан илм таҳсил қилди. Тиб илмида ўз замонасининг одамларидан анча ўзиб кетди. Одамлар унинг ёнига келиб ундан бир нарсалар ўрганишга ҳаракат қилардилар. Ўша пайтда ўн олти ёшда эди. Сомонийлар ҳукмдорларидан Нуҳ ибн Насрни даволади. Ҳукмдор унга қимматбаҳо ҳадялар берди. Уни ўз кутубхонасига масъул қилди. Кутубхонани текширганда у ерда бошқа жойларда топилмайдиган гўзал ва ҳайратланарли улкан асарларни кўрди. Ҳикоя қилинишича, у бу ердаги китобларнинг бир қисми ўзига тегишли эканини айтган. Илоҳиёт ва табииётга оид кўп китоблари бор эди.

Ибн Халликон дедики: «Унинг юзга яқин катта-кичик китоблари бор. "Ал-Қонун", "Аш-Шифо", "Ан-Нажот", "Ал-Ишорот", "Саломон", "Инсон", "Ҳайй ибн Яқзон" каби асарлар унга тегишлидир. Ислом файласуфларидан эди».

Ибн Халликон унинг ўз нафси ҳақида ёзган қуйидаги шеърини бизга нақл қилган:

«Юксак мартабадан тушиб сенга келдим.

У мартаба шунчалик юксак эдики:

иззатли жой, қўриқланган мартаба эди.

Барча орифларнинг кўзлари қаршисида пардали мартаба эди ўша.

Энди у юзини очди, пардани кўтарди, рўмолланмади.

Қийинчиликларга чидаб сенга етдим.

Кўп марта сендан ажралишни ёқтирмадим. Бу бир мусибатдир».

Қуйидаги шеър ҳам Ибн Синога тегишлидир:

«Ҳар куни бир маҳал овқатлан,

Ҳазм бўлмасидан туриб яна овқатланишдан сақлан. Уруғ сувини ҳам имкон қадар сақла, чунки у ҳаёт сувидир ва бачадонларга оқизилади».

Ҳикоя қилинишича, у қовурға оғриғи туфайли бетоб бўлиб Ҳамадонда вафот этди. Исфаҳонда вафот этгани ҳақида заиф ривоят бўлса ҳам, Ҳамадонда вафот этгани ҳақидаги ривоят саҳиҳроқдир. Шу йилнинг рамазон ойида жума куни эллик саккиз ёшида вафот этди.

Мен айтаманки, Ғаззолий унинг сўзларини "Мақосидул-Фаласифа" асарида жамлаган, сўнгра "Таҳофутул-Фаласифа" асарининг йигирма жойида бу сўзларига раддия берган. Сўзларининг учтасида уни кофир деб ҳукм қилган. Кофир деб ҳукм қилган нуқталари қуйидагилардир:

1.    Олам қадимдир.

2.    Жисмоний ҳашр йўқ.

3.    Аллоҳ жузъиётни билмайди.

Ғаззолий мана шу уч нуқтада Ибн Синони кофир деб ҳукм қилган, бошқа қарашларида эса уни бидъатчиликда айблаган. Бир ривоятда айтилишича, Ибн Сино ўлаётган чоғида бу нотўғри қарашларидан тавба қилган. Тўғрисини Аллоҳ билади. [17]

Ибни Касир, "Ал-Бидоя ва-н-Ниҳоя" китобидан, 12-жилдидан

Профессор Абу Муслим таржимаси